Лавров: Сурия армияси Ҳалаб шарқидаги амалиётни тўхтатди

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Россия Сурия ҳукумат армияси Ҳалаб шарқида ҳарбий амалиётларни тўхтатганини маълум қилди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ЕХҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг Гамбургда бўлиб ўтган йиғини кулуарида ҳарбий амалиётлар тўхтатилгани ортидан Ҳалабдан 8 мингга яқин тинч аҳоли олиб чиқилаётганини айтди. Унга кўра, бу Сурияда уруш бошланганидан бери энг йирик гуманитар амалиёт бўлмоқда.

Лавров АҚШ Давлат котиби Жон Керри билан икки марта учрашиб, Женевада 10 декбарь куни шарқий Ҳалаб муаммоларини мувофиқлаштириш юзасидан ҳарбий экспертлар учрашувини ўтказишга келишиб олганини билдирди.

Пайшанба куни Ҳалаб шарқидаги қуролланган мухолифат раҳбарлари сўнгги 26 кун ичида олиб борилган жангларда камида 800 одам ҳалок бўлгани ва уч ярим минг одам яраланганини маълум қилди.