Трамп МРБнинг АҚШ президенти сайловига Россия аралашганига оид хулосаларини танқид қилди

Дональд Трамп АҚШ Марказий разведка бошқармасининг (МРБ) АҚШ президенти сайловига Россиянинг аралашгани ҳақидаги хулосаларини танқид қилди.

Бўлажак президент МРБ ҳисоботини сайловда мағлуб бўлган демократлар учун ўзининг Ҳиллари Клинтон устидан қозонган ғалабасини тушунтириш учун бир баҳона, дея таърифлади.

Кейинги пайтда АҚШ Конгрессининг бир неча аъзоси Россиянинг онлайн ҳужумларини ва уларнинг асл мақсадини яқиндан кўриб чиқишга чорламоқда.

9 декабрь куни АҚШ расмийлари рус ҳакерлари нафақат Демократлар партияси ташкилотларини мўлжалга олганига, балки Клинтон обрўсини туширишга уринганига “ишончлари комил” эканлигини таъкидлашди.

Расмийларнинг бу хулосаси The Washington Post газетасила хабар қилинди.

Мақола президент Барак Обама сайлов пайтида юз берган кибер ҳужумни чуқур ўрганишга буйруқ бериши ортидан нашр этилди. Барак Обама текширув натижаларини унга 20 январгача, яъни Дональд Трамп президент сифатида иш бошлагунича етказиб беришни сўраган.

Трамп Fox News телеканалига 11 декабрь куни берган интервьюсида «Бу аҳмоқлик. Менимча, бу навбатдаги баҳона. Мен бунга ишонмайман”, деди.