Австрия Европа Иттифоқининг Туркия билан музокаралари тўхтатилишини талаб қилмоқда

Австрия Туркиянинг Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларини тўхтатиб қўйишни талаб қилганидан кейин иттифоққа аъзо мамлакатлар Еврокомиссиянинг ЕИни кенгайтиришга оид янги тавсиялари бўйича позицияларини ўзаро мувофиқлаштиролмай қолди.

13 декабрь куни Брюсселда бўлиб ўтган учрашувда ЕИга аъзоликка талабгор Туркия ва бошқа мамлакатлар ҳамда Болқон ғарбидаги давлатлар орасидаги муҳтамал талабгорлар учун тавсияларни маъқуллаш кутилаётганди. Музокаралар чоғида Австрия амалга ошмай қолган давлат тўнтаришидан кейин Туркияда “фуқаролик жамиятига қарши амалга оширилаётган қатағон туфайли” Анқара билан консультацияларни тўхтатиб қўйишни талаб қилган.

Ноябрь ойида Европарламент ЕИнинг Туркия билан музокараларини музлатиб қўйиш бўйича резолюцияни маъқуллаганди.

Словакия ташқи ишлар вазири Мирослав Лайчакнинг билдиришича, Брюсселдаги учрашув чоғида Европа Иттифоқининг 27 давлати томонидан қабул қилинган тавсиялар матнини “мамлакатлардан бири қўлламаган”. Озодлик билан суҳбатлашган европалик дипломатларга кўра, бу ихтилоф Туркиянинг Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини янада секинлаштиради. Дипломатлар бу ҳодиса Болқон мамлакатлари, жумладан, Сербия ва Черногориянинг ЕИ билан муносабатларида акс этмаслиги, бироқ бу Европа Иттифоқининг бундан буён кенгайишни истамаслигига оид сигнал ўлароқ қабул қилиниши мумкинлигини қайд этдилар.