Руминияда мусулмон аёл бош вазирликка номзод ўлароқ кўрсатилди

Бош вазирликка номзод Севил Шхайдех Руминия Социал-демократик партияси лидери Ливиу Драгня билан.

Руминия Социал-демократик партияси бош вазирликка мусулмон аёлни номзод сифатида кўрсатди. Партия лидери Ливиу Драгня Севил Шхайдех ўз партиясидан ҳукумат раҳбари лавозимига номзод бўлишини маълум қилди.

Севил Шхайдех 2015 йилда бир муддат минтақавий тараққиёт вазири бўилб турган. Унинг номзоди эндиликда Руминия президенти Клаус Йоханис ва мамлакат парламенти томонидан маъқулланиши лозим.

52 ёшли Шхайдех мусулмонлар аҳолининг бир фоизини ташкил қилган Руминияда Ислом динига мансуб илк бош вазир бўлиши кутилмоқда. Партия лидери Драгня “адолатсиз айблов” туфайли ҳозирда ҳукуматга бош бўлолмаслигини билдирган. У сайловда товламачилик қилганликда айбланиб, шартли равишда 2 йилга озодликдан маҳрум этилган.