Қирғиз расмийлари Яҳё Машраповнинг Истанбулдаги террорга алоқаси йўқлигини билдирди

Истанбулдаги тунги клубда ҳалок бўлганлар хотираси ёдга олинмоқда.

Қирғизистон расмийлари Яҳё Машрапов Истанбулдаги террор ҳужумига алоқадор экани тўғрисида турк, итальян матбуотида ва ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларни инкор қилди.

Туркиядаги қирғиз элчихонаси бу маълумотни тарқатган турк матбуотига Яҳё Машраповдан кечирим сўрашни таклиф этди.

Миллий хавфсизлик хизмати матбуот котиби Рахат Сулаймановнинг 3 январь куни Озодликка айтишича, Қорасув шаҳрида яшовчи Машрапов бизнес билан шуғулланади, у Қирғизистонга Истанбулдан 3 январда учиб келган.

Сулаймановга кўра, турк хавфсизлик кучлари Истанбулда самолёт учиб кетишини бир соатга кечиктириб, Машраповни сўроқ қилган. Унга нисбатан ҳеч қандай гумонлар бўлмагани ортидан Машрапов қўйиб юборилган.

Машраповнинг ўзи эса паспорти ва сурати ижтимоий тармоқларда қандай пайдо бўлиб қолгани тўғрисида мутлақо тасаввурга эга эмаслигини айтди.

Турк полицияси Истанбулда 1 январга ўтар кечаси тунги клубга ҳужум қилган шахсни қидиришда давом этмоқда. Мазкур ҳужум оқибатида 39 киши ҳалок бўлган, 69 киши яраланган эди.