Ўзбекистонда айрим истеъмол маҳсулотларига бож тўловлари оширилди

Ўзбекистонда 2017 йилнинг 1 январидан қатор истеъмол маҳсулотларини мамлакатга олиб кириш учун белгиланган пошлиналар миқдори оширилди.

Новости агентлигининг хабар беришича, президент Мирзиёев имзолаган ҳужжатига мувофиқ тузланган ва дудланган гўшт ва гўшт маҳсулотларига бож нархининг 30 фоизи миқдорида, лекин бир килосига 1 доллардан кам бўлмаган пошлина солинади. Авваллари бу маҳсулот турига маҳсулот қийматининг 10 фоизи миқдорида пошлина белгиланган эди.

Олма ва нок, минерал ва газланган сув, ароматизаторлар импортига пошлина нархи 10 центга қимматлади ва ҳар бир килосига камида 50 центни ташкил қилди. Айни пайтда мазкур маҳсулот турига 30 фоиз миқдоридаги адвалор ставка ҳам сақлаб қолинди.

Пиво учун импорт махсус ставкаси 0,7 доллардан 1 доллардан кам бўлмаган миқдорга оширилди, айни пайтда пиво учун 30 фоизли адвалор ставка ҳам сақлаб қолинди.

Мазкур хабарни тарқатган Новости агентлигига кўра, 2015 йилда Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 2014 йилга нисбатан 10 фоизга камайган ва 25, 238 миллиард долларни ташкил қилган. 2016 йил учун савдо айланмаси кўрсаткичи ҳозирча эълон қилинмаган.