Картер: АҚШ Россияга нисбатан қатъийроқ чораларни қўллайди

АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер.

Обама маъмурияти АҚШдаги президентлик сайловлари пайтида киберҳужумлар уюштиргани учун Россияга нисбатан янада қатъийроқ чораларни қўллайди, деб билдирди 10 январь куни АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер.

“Айрим қадамлар ташланди. Мен ўйлайманки, бу бошланишидир ва асло якуний қадам эмас", деди Картер ўзининг сўнгги матбуот анжуманида.

Картер 10 кундан сўнг истеъфога чиқадиган Обама маъмурияти бу кунлар ичида қандай чораларни қўлай олиши ҳақида гапирмади.

Ўтган ойда президент Обама кўрсатмаси билан 35 рус дипломати разведка маълумотларини тўплаганликда айбланиб, АҚШдан чиқариб юборилган эди.

Ўтган ҳафтада АҚШ разведка хизматлари президентлик сайловлари пайтида овоз бериш натижаларига таъсир кўрсатиш ва Трампни қўллаб-қувватлаш учун киберҳужумлар уюштиришга шахсан Владимир Путин кўрсатма бергани тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилган.