Трамп: Россия компроматлари ҳақидаги ҳисобот “сохта”

АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп 11 январ куни Ню Йоркнинг Манхэттен мавзесидаги қароргоҳида сўнгги олти ойдаги илк матбуот анжуманини ўтказди. Жаноб Трамп Россия разведкаси гўёки унга қарши компромат тўплагани ҳақидаги айрим ахборот воситаларида босилган хабарларни рад этди. Ўз навбатида Трамп Россия АҚШ муассасаларига киберҳужумлар қилганини тан олди.

Жаноб Трамп анжуманни Россия разведкаси гўёки унга қарши компромат тўплагани ҳақидаги айрим ахборот воситаларида босилган хабарларни рад этишдан бошлади.

"Мен бу ҳақда ёзилганларни ўқидим ва шуни айтишим мумкинки бу шармандаликдан бошқа нарса эмас. У ерда ёзилган холатларнинг ҳеч бири ҳаётда бўлмаган", - деди Трамп.

Аввалроқ Си-Эн-Эн канали Россия махсус хизматлари тўплаган Трампни обрўсизлантирувчи материаллар АҚШ разведкаси тайёрлаган Россия киберҳужумларига доир ҳисоботининг махфий қисмида борлиги ҳақида хабар берганди.

Си-Эн-Эн каналидан ташқари Reuters, AP агентликлари ҳамда The New York Times рўзномаси ҳам АҚШ ҳукуматидаги манбага асосланиб бу ҳақда мақола босганди.

- Мен журналистларни ва сўз эркинлигини ҳурмат қиламан. Лекин айрим ахборот агентликлари ўта нопрофессионал иш қилди, улар ҳақда гапириб ўтирмайман, - деди Трамп.

Хабарларда иддао қилинишича, Кремль Трамп 2013 йилда Москвага борган пайтида фоҳишалар билан бирга тасвирга олинган видеосини қўлга киритган.

Жаноб Трамп матбуот анжуманидаги чиқишида Россия каби давлатларга борганида яширин камерага тушиб қолишдан доим эхтиёт бўлгани ва ўз ходимларига ҳам яширин камераларда эхтиёт бўлишни доим тавсия қилганини айтди.

Россия билан муносабатлар

АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп 11 январь кунги матбуот анжуманида Россия раҳбари Владимир Путин билан яхши алоқаларни йўлга қўйишига амин эмаслиги, лекин яхши муносабатлар фойдадан холи бўлмаслигини таъкидлади.

"Россия билан муносабатларимиз жуда ёмон. Шундай экан агар Путинга Доналд Трамп ёқса менимча бу фойда. Мен ҳокимиятга келсам Россия бизни кўпроқ ҳурмат қилади, - деди Трамп.

Аввалги чиқишларида Трамп президент Путин билан “жуда-жуда яхши муносабатлар”ни йўлга қўйиши ва у билан президент Обамага қараганда самаралироқ иш олиб боришига амин эканини айтганди.

Ўз навбатида АҚШнинг сайланган президенти Россия Америка муассасаларига қарши ҳакерлик ҳужуми қилгани ва бунга учун шахсан Владимир Путин жавобгар бўлишини тан олди.

АҚШ разведкасининг Россия киберҳужумлари ва президентлик сайловларига таъсир ўтказишга уринганига доир ҳисоботига изоҳ берган Трамп ўз давлатини бу каби ҳаккерлик ҳужумларидан ҳимоялаш учун барча чораларни кўришга ваъда берди.

"Бизда компьютер технологиялари бўйича яхши мутахассислар бор. Биз буни уддасидан чиқамиз, - деди Трамп.

АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп 11 январ куни Ню Йоркнинг Манхэттен мавзесидаги қароргоҳида сўнгги олти ойдаги илк матбуот анжуманини ўтказди.

Мексика билан девор ва Obamacare ҳақида

Трамп матбуот анжуманидаги чиқишида Мексика ва АҚШ ўртасида девор қурилиши яқин бир, бир ярим йил ичида бошланишини айтди.

-Аввал айтганимдек биз бу деворни Мексика ҳисобидан қурамиз, - деди Трамп.

Трамп президентлик сайловолди тадбирларида АҚШ жанубий сарҳадларида Мексика ҳаражатлари ҳисобидан девор қуриш режаси борлигини кўп бора айтганди.

Washington Post нашрига кўра, девор қурилиши 25 миллиард долларга тушиши мумкин.

АҚШнинг сайланган президенти ўз чиқишида Obamacare соғлиқни сақлаш тизими барбод тизим эканини айтди.

“Obamacare бу Демокартик партиянинг муаммосидир. Биз ҳокимиятга келганимизда уни бошқасига алмаштирамиз. Яхшироқ ва арзонроқ тизимни йўлга қўямиз”, - деди Доналд Трамп.