Мирзиёев Қорақалпоғистонда 50 минг одамни иш билан таъминлашга ваъда берди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қорақолпоғистонда 50 минг одамни иш билан таъминловчи саноат корхоналари қурилишини маълум қилди. Унга кўра, бу мақсад учун 10 триллион сўм сарфланиши режалаштирилган.

Президентга кўра, сармоя жалб этиш мақсадида Мўйноқ, Шуманай, Қонликўл, Тахтакўпир, Қораузак, Чимбой туманларида янги яратиладиган кичик бизнес корхоналарига жуда катта солиқ имтиёзлари берилади.

Бундан ташқари Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури тўғрисида вазирлар маҳкамаси қарори қабул қилинди.

Ушбу дастурга мувофиқ, 2017-2021 йилларда 124 миллион доллар ҳамда 321,7 миллиард сўм сарфланиши кўзда тутилган.

Шавкат Мирзиёев 20 январь куни Қорақалпоғистонга борган эди.