Исроил Фаластинда яҳудийлар учун 2500 уй қурмоқчи

Ғарбий соҳилдаги яҳудий қишлоқларидан бири.

Исроил босиб олинган Иордан дарёси Ғарбий соҳилида яҳудийлар учун 2500дан ортиқ уй қуриш режасини маълум қилди.

Дональд Трамп АҚШ президенти лавозимига киришганидан бери Исроил бу каби режани иккинчи марта билдирмоқда. Дональд Трамп Фаластин ерларида яҳудийлар учун қишлоқлар қурилишини Обамага нисбатан камроқ танқид қилишини айтган эди.

1967 йилда босиб олинган Ғарбий соҳилга шу кунгача 350 минг яҳудий кўчирилган. Ўша йили босиб олинган Шарқий Қуддусга эса 200 минг яҳудий жойлаштирилган. Бундан ташқари Фаластин ерларида яна юздан ортиқ қишлоқ ташкил этилган.

Дунёнинг кўплаб давлатлари Исроил томонидан Фаластин ерларида қурилган қишлоқларни ноқонуний деб ҳисоблайди.

23 декабрь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши Исроилдан Фаластин ҳудудида яҳудий қишлоқларни кенгайтириш амалиётини тўхтатиш талаби билан резолюция қабул қилган эди. Мазкур ҳужжат учун Хавфсизлик кенгашига аъзо 14 давлат овоз берган, АҚШ эса бетараф қолган.

Бунга жавобан Исроил БМТ резолюциясини бажаришдан бош тортишини, ташкилотга тўловларни озайтиришини билдирган ҳамда бир қатор давлатлардан элчиларини чақиртириб олган.