Президент Трамп тақиқига қарамай, АҚШга 870 қочқин киритилди

АҚШда Доанльд Трампга қарши намойишлар давом этмоқда.

АҚШ расмийлари Президент Трампнинг тақиқига қарамай мамлакатга 870 қочқиннинг киришига рухсат берди. Бу ҳақда АҚШ чегара ва божхона хизмати раҳбари Кевин Макалинан билдирди.

Президент Трамнинг 7 мусулмон давлатидан қочқинларни қабул қилишни ва бу давлат ватандошларига АҚШ визасини беришни вақтинча тўхтатиш қарори нафақат аҳоли орасида, балки расмийлар ўртасида ҳам норозилик пайдо қилмоқда.

Аввалроқ Трамп бу қарорни судларда ҳимоя қилишни истамаган адлия вазири ва бош прокурор Салли Йетсни лавозимидан бўшатган эди. АҚШнинг қатор федерал судлари Трампнинг бу қарори ижросини тўхтатиб қўйган.

АҚШ хавфсизлик хизмати раҳбари Жон Келли 31 январь куни Вашингтонда ўтган матбуот анжуманида Дональд Трамп позициясини ҳимоя қилар экан, мана буларни айтди:

"Бу қарор тақиқ эмас, балки вақтинчалик паузадир. Бу пауза ортидан биз қочқинлар масаласини, виза режимини ва одамларни текшириш жараёнини яхшироқ қайта кўриб чиқиш имкониятига эга бўламиз”, деди Келли.