Ўзбекистон президенти Мирзиёев 2-3 ой ичида Россия президенти Владимир Путин билан Москвада учрашади

Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яқин икки – уч ой ичида россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан Москвада учрашади.

Бу ҳақда 1 февраль куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

"Известия" газетасининг билдиришича, учрашувда энергетика, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш, ҳарбий-техник ҳамкорлик ва миграция сиёсати муҳокама қилинади.

"Россияда ўзбек қишлоқ хўжалик маҳсулотлари учун катта бозор мавжуд ва бу бозорни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиш, табиийки, биринчи ўриндаги вазифадир... Ўзбек томони Россия нефтини бож тўловларисиз олиш масаласини ҳам кўтариши мумкин дейишга асосимиз бор. Россия ҳукумати Ўзбекистоннинг бу илтимосини яқинда рад этган эди. Ўзбекистондан келаётган муҳоджирлар масаласи ҳам муҳокама қилинади”,- деб билдирган “Известия” газетасининг Кремлдаги манбаси.

2016 йилнинг ноябрида Ўзбекистон Россия билан ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш шартномасини имзолаган эди.

Аввалроқ Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Ўзбекистон Қуролли Кучларини 2020 йилгача Россияда ишлаб чиқарилган замонавий қуроллар билан таъминлаш ва модернизациялаш дастури амалга оширилаётганини билдирган эди.