Ўзбекистон ҳукумати хўжалик субъектларига янги имтиёз берди

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 1 февраль куни хўжалик субъектларига чет эл валютаси тушумини мажбурий сотиш тартибларига ўзгартишлар киритувчи қарор қабул қилди.

Бу ҳақда хабар қилган маҳаллий нашрга кўра, аввал марказлаштирилмаган экспортни амалга оширувчи корхоналар ваколатли банкларга хорижий валютадаги тушумларининг 50 фоизини сотишга мажбур бўлган бўлса, эндиликда маҳсулотлар ва хизматлар экспортидан тушган валютанинг фақатгина 25 фоизи мажбурий тартибда сотилади.

16 турдаги маҳсулот ва хизматнинг истисно тариқасида валюта тушуми 50 фоизини мажбурий тартибда сотиши сақланиб қолади. Бу рўйхатга буғдой, олтингугурт, табиий газ ва нефтгаз соҳаси бошқа маҳсулотлари (шу жумладан транзити), уран, полиэтилен, полипропилен, қора металлар, мис ва рух, водород, инерт газлар ва бошқа нометаллар, қимматбаҳо бўлмаган металлар, металлокерамика ва бошқалар киритилган.

Рўйхатга, шунингдек, авиатранспорт хизматлари, темир йўл транспорти хизматлари, телекоммуникация ва банк хизматлари киритилган.

Маълумот учун, валюта тушумини мажбурий тартибда сотишдан тайёр маҳсулотларни экспорт қилувчи текстил корхоналари, шунингдек ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот ва хизматлар экспортини амалга оширувчи кичик бизнес субъектлари озод этилган.