АҚШда президент Трампнинг миграцияни чеклаш қарори юзасидан аппеляцион суд бошланди

АҚШ президенти Дональд Трамп.

Бугун Сан Франциско аппеляция маҳкамаси АҚШ президенти Дональд Трампнинг етти мусулмон давлат ватандошларини Америка ҳудудига вақтинча киритмаслик тўғрисидаги қарорини кучда қолдириш ёки бекор қилиш масаласини кўриб чиқишни бошлади..

Суд маҳаллий вақт билан 7 февраль соат 15 да (Тошкент вақти билан 8 февраль, соат 5да) бошланди. Суд Адлия вазирлиги, Вашингтон ва Миннесота штати юристларидан бу борадаги ўз нуқтаи назарларини суд бошлангунига қадар билдиришини илтимос қилган эди.

Суд арафасида журналистлар олдида чиқиш қилган Трамп мана буларни айтди:

"ИШИД биз Қўшма Штатлар ва бошқа давлатларга миграция орқали кирмоқчимиз, деб билдирган. Шундай экан, нега бизга келаётган одамларга қатъийроқ муносабатда бўлишга ижозат беришмаяпти?” деди Трамп.

Сиэтл суди Трамп қарори ижросини 3 февраль куни тўхтатиб қўйган эди. Президент Трамп 7 февралда ўтадиган суд мазкур қарорни ўз кучида қолдиришига ишонмоқда.