Афғонистонда Халқаро Қизил Ҳочнинг 6 ходими ҳалок бўлди

Халқаро Қизил Ҳоч қўмитасининг Афғонистондаги олти нафар ходими Жаузжон вилоятида жанггарилар ҳужуми оқибатида ҳалок бўлди.

Халқаро Қизил Ҳоч қўмитасининг билдиришича, ҳужумдан сўнг яна 2 ходим бедарак йўқолган.

Вилоят ҳокими Лутфулла Азизий ҳужум “Исломий давлат” гуруҳи томонидан амалга оширилган бўлиши мумуикнлиги таҳмин қилинаётганини айтди. Бироқ ҳужум учун масъулиятни ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади.

Қизил Ҳоч раҳбари Доминик Стиллхарт 8 февраль куни Женевада бу борада журналистларга маълумот берар экан, ташкилот Афғонистондаги фаолиятини вақтинча тўхтатганини айтди:

"Бугунги кунда Афғонистондаги фаолиятимизни бутун мамлакат бўйлаб вақтинча тўхтатишга қарор қилдик. Негаки, бу воқеа барча ходимларимизни, биринчи навбатда Афғонистондаги ходимларимизни қаттиқ дахшатга солди. Биз ҳалок бўлганларнинг оилалалирга ҳамдардлик билдирамиз ва бедарак йўқолган икки ҳамкасбимизнинг қаерда эканини аниқлаш бўйича ишларни давом эттирамиз”, деди Стиллхарт.