АҚШдаги Сан Франциско федерал суди президент Трампнинг 7 мусулмон давлатидан одамларни АҚШга киритмаслик тўғрисидаги қарорини кучда қолдиришдан бош тортди.
Сан Франциско аппеляция маҳкамаси АҚШ президенти Дональд Трамп қарорининг қонунийлиги масаласини 7 февралда ўтган жараёнда кўриб чиққан ва бу борада ҳукм чиқаришни бошқа кунга қолдирган эди.
Суд президент маъмурияти АҚШга мусулмон давлатидан келган мигрантларни киритмасликка асослар бор эканини исботлай олмади, деб ҳисоблайди.
Трамп суднинг бу ажримига зудликда Твиттер орқали жавоб қайтариб “Судда кўришамиз! Миллатимиз хавфсизлиги хавф остида қолмоқда!” деб ёзди.
Бош прокуратура Сан-Франциско суди ажрими юзасидан Олий судга аппеляция тартибида мурожаат қилади.
Трамп ўз қарори Америка хавфсизлигини кафолатлашга қаратилганини айтмоқда¸ унинг мухолифлари эса¸ қарорнинг мусулмонларни камситиши ва унинг АҚШ конституциясига зид эканини таъкидламоқда.
Трамп қарори Ироқ¸ Сурия¸ Эрон¸ Ливия¸ Сомали¸ Судан ва Яман ватандошларининг АҚШ ҳудудига киришини камида 90 кунга¸ АҚШ қабул қилиши кутилаëтган қочқинларни киритишни эса камида 4 ойга тақиқлайди.
Трампнинг 28 январь кунги фармони ижроси Вашингтон ва Миннесота штатлари сўрови билан 3 февраль куни Сиэтл федерал ҳаками томонидан тўхтатиб қўйилган.