Самарқандда “Иегова гувоҳлари” диний ташкилоти аъзолари қўлга олинди

"Иегова гувоҳлари"нинг диний китобларидан бири.

Самарқандда мусулмонларни ўз сафларига қўшилишга чақирган ва яширин равишда ибодат қиладиган “Иегова гувоҳлари” диний ташкилотининг аъзолари қўлга олинди. Бу ҳақда сешанба куни Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси маълум қилди.

Ўзбекистон қонунчилигига асосан мамлакатда фақат расмий рўйхатга олинган диний ташкилот фаолиятига рухсат берилади. Бу қонунга амал қилмаган шахслар 4,5 минг доллар миқдорида жаримага тортилишлари мумкин.

“Ўзбекистонда “Иегова гувоҳлари” фақат Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида рўйхатга олинган, шунинг учун улар ўз фаолиятини фақат мазкур ҳудудда олиб блриш ҳуқуқига эга эди”, дейилади хабарда.

Ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, яширин ибодат жойида Самарқанд ва унинг атрофида яшовчи 9 ватандош қўлга олинган. Мазкур ибодат жойини 2007 йилда мана шундай фаолияти учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахс ташкил этгани аниқланган.

Ўзбекистонда 2 минг 200та диний ташкилот рўйхатга олинган. Уларнинг 90 фоизи мусулмонларга тегишлидир. Бундан ташқари Ўзбекистонда 157та насроний, 8та яҳудий, 6та бахаи, битта кришнаит ва битта буддист ташкилоти рўйхатга олинган.