Франция президентлик сайловига бошқа давлатнинг аралашувига йўл қўймаслигини билдирди

Франция ташқи ишлар вазири Марк Айро.

Франция бўлажак президентлик сайловига Россия ёки бошқа давлатнинг аралашувига йўл қўймаслигини ва бунга нисбатан жавоб чоралари кўришга тайёрлигини билдирди.

Франция ташқи ишлар вазири Марк Айро 15 февраль куни президентликка номзод Эммануэл Макроннинг ёрдамчиларидан бири Москвани ўз офиси серверларига киберҳужум уюштирганликда айблагани ортидан мана шундай баёнот берди. Францияда президентлик сайлови 23 апрелда ўтказилади.

Кремль бу айблов асоссиз эканини айтмоқда.

Аввалроқ Вашингтон разведкаси расмийлари Москва президент Дональд Трампга президентлик сайловини енгиб чиқишга кўмаклашиш мақсадида унинг рақиблари серверларига киберхужумлар уюштиргани ҳамда жамоатчилик фикрига таъсир ўтказишга ҳаракат қилганини очиқлаган эди.