Мюнхенда Украина шарқида оташкесимга эришиш бўйича келишув имзоланди

Украина шарқида оташкесим бўйича яна бир келишувга эришилди, аммо ҳудуддаги Россияпараст сепаратчи гуруҳлар бунга амал қилиш-қилмаслиги ҳақида маълумот бермади.

Келишувга 18 февраль куни Украина, Россия, Германия ва Франция ташқи ишлар вазирлари иштирокида Мюнхенда ўтган учрашувда эришилди. Оташкесим 20 февралдан бошлаб, кучга кириши керак.

Украина президенти Петро Порошенко тўрт томон иштирокидаги бу учрашувдан қониқмаганини билдирди ва: "Мени ўта ҳайратга солган нарса шу бўлдики, жаноб Лавров ҳудуддаги ноқонуний гуруҳлар вакилларини расмий вакиллар деди, яъни содда айтганда, кафолат берилган вакиллар, деб атади", деди.

Мюнхенда ўтган Хавфсизлик бўйича 53-халқаро конференцияда сўзлаган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса бу келишувни "ижобий", деб баҳолади, аммо учрашувда катта ютуқларга эришилмаганини тан олди.

Айни пайтда, Украина шарқидаги сепаратчи гуруҳлар оташкесим бўйича навбатдаги келишувга амал қилиш-қилмаслигига оид бирор маълумот бергани йўқ.