Kun.uz сайти эълон қилган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда депутатнинг маоши миқдори 2-3 миллион сўм орасида (нақд тўланади). Шунингдек, депутатлар бир қатор имтиёзлардан фойдаланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенат аъзосининг мақоми тўғрисидаги қонуннинг 16-моддасига кўра, депутатнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари белгиланган.
Депутатнинг, сенаторнинг тегишли палатада ишлаган вақти умумий иш стажига ва аввалги ихтисоси бўйича иш стажига қўшиб ҳисобланади.
Корхоналар, муассасалар ёки ташкилотларнинг раҳбарлари ўз ваколатларини ишлаб чиқариш ёки хизмат фаолиятидан ажралмаган ҳолда амалга ошираётган сенаторни у ўзининг сенаторлик вазифаларини бажарадиган вақтда, унинг иш жойи (лавозими) сақланган ҳолда, ишдан озод қилишлари шарт. Сенаторлик вазифаларини бажараётган вақтда сенаторнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.
Депутатга, сенаторга ҳар йили ўттиз олти иш кунидан иборат ҳақ тўланадиган меҳнат таътили берилади, қонун ҳужжатларида кўпроқ муддатли таътил назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Ҳар йилги меҳнат таътили депутатга, қоида тариқасида, Қонунчилик палатасининг сессиялари оралиғидаги даврда берилади.
Қонунчилик палатаси ёки Сенат тарқатиб юборилган тақдирда депутатга ёки Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторга ишдан бўшатиш нафақаси тўланади ҳамда ишга жойлашиш даврида қонунда белгиланган тартибда ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.