Трамп генерал МакМастерни хавфсизлик бўйича маслаҳатчи лавозимига тайинлади

Президент Трамп (ўнгда) хавфсизлик бўйича маслаҳатчи МакМастер билан, 20 февраль, 2017 йил, Флорида.

АҚШ президенти Дональд Трамп армия генерал-лейтенанти Герберт МакМастерни 20 февраль куни миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи лавозимига тайинлади.

Флоридадаги Мар-а –Лаго резиденциясида матбуот анжумани ўтказган Трамп МакМастерни жанггариларга қарши кураш бўйича мутахасис, “катта истеъдод ва тажриба эгаси”, деб атади.

Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи лавозимида 24 кун ишлаган Майкл Флинн ўтган ҳафтада АҚШдаги Россия элчиси билан суҳбатлари тўғрисида нотўғри маълумот бергани ошкор этилгани ортидан истеъфо берган эди.

АҚШ матбуоти бу учрашувларда Россияга нисбатан санкцияларни бекор қилиш юзасидан музокаралар олиб борилган бўлиши мумкинлиги тўғрисида хабар бермоқда.