Душанбедан Тошкентга иккинчи самолёт ҳам учмади

Тожикистоннинг “Сомон Эйр” компанияси Душанбе – Тошкент йўналиши бўйича 23 февралга режалаштирилган парвоз номаълум сабабларга кўра бажарилмади.

Бу маълумотни Душанбе аэропорти матбуот котиби Жамила Ҳусейнова Озоди радиосига тасдиқлади.

23 февралда бажарилмаган парвоз Душанбе – Тошкент йўналиши бўйича аввалдан келишилган мунтазам қатновлар доирасида амалга оширилмаганиккинчи рейсдир.

Тожикистондаги “Сомон Эйр” авиакомпаниясининг тижорий директори Алишер Рустамов ва бошқа масъул ходимлар Душанбе-Тошкент йўналиши бўйича 20 феврал кунги биринчи парвознинг амалга ошмай қолиши муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан четлатилган, компания йўловчилардан ҳамда ўзбекистонлик ҳамкасбларидан узр сўраган эди.

Душанбе ва Тошкент орасидаги авиапарвозлар бундан 25 йил муқаддам - 1992 йилда, Тожикистонда бўлган фуқаролар уруши туфайли бекор қилинган эди.