Ўзбекистон ва АҚШ икки томонлама муносабатлар истиқболларини муҳокама қилди

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Дэниел Розенблюм.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Дэниел Розенблюм 25 февраль куни Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулази Комилов билан учрашди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг якшанба куни хабар беришича, учрашув чоғида ўзбек-америка муносабатлари истиқболлари, минтақавий ва халқаро масалалар бўйича фикр алмашинилган. Томонлар 1 февраль куни Тошкентда бўлиб ўтган Америка-Ўзбекистон савдо паластаси йиғилиши якунларини ҳам муҳокама қилган.

1 февраль куни ўтган йиғилишда АҚШ-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм Қўшма Штатлар Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасида асосий ҳамкор ўлароқ кўришини ҳамда самарали ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини урғулаган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда АҚШ ширкатлари иштирокида 164 та корхона фаолият кўрсатмоқда, улардан 122 таси қўшма корхона, 42 таси эса 100 фоизлик чет эл сармояси билан ишлаяпти.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлигида АҚШнинг 29 та ширкати аккредитациядан ўтган.