Ўтган йили Тошкентда ўсмирлар 298та жиноят содир этди

Ўзбек милиционерлари.

Ўтган йили Тошкентда 18 ёшга етмаган шахслар томонидан 298та жиноят содир этилди. Бу ҳақда 2 март куни ўтган бирифингда Тошкент ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев маълум қилди.

Унга кўра, олиб борилаётган профилактика тадбирлари ортидан республикада, жумладан, Тошкентда ҳам ўсмирлар ўртасида жиноят содир этиш ҳолатлари камаймоқда.

“Масалан, 2015 йилда балоғатга етмаганлар томонидан 374 жиноят содир этилган эди. 2016 йилда эса жиноятлар сони 76 тага камайди. 2017 йилнинг январида ўсмирлар томонидан 9 жиноят содир этилди, 2016 йилнинг январида эса бундай жиноятлар сони 15тани ташкил қилган эди”, деди Дониёр Тошхўжаев.

Расмийнинг айтишича, балоғатга етмаган ёшлар ўртасида асосан ўғирлик, безорилик, йўл-транспорт ҳодислари каби қонунбузарликлар содир этимлоқда. Оғир ва ўта оғир жиноятлар сони эса жуда кам.