Би-Би-Си Жаҳон Хизмати Марказий Осиё бўлими мудири Ҳамид Исмоилов Ўзбекистонга киритилмади

Ҳамид Исмоилов (ўнгдан биринчи) марказий осиёлик ёзувчилар билан.

1 март куни Лондондан Тошкентга учиб борган Би-Би-Си Жаҳон Хизмати Марказий Осиё бўлими мудири Ҳамид Исмоилов Тошкент аэропортида тўхтатилиб, шу куниёқ Ўзбекистондан чиқариб юборилди. Бу ҳақда журналистнинг ўзи Твиттердаги саҳифасида хабар қилди.

Маълум бўлишича, Исмоилов билан бирга борган унинг уч ҳамкасби Ўзбекистонга киритилган.

Ҳамид Исмоилов Россия фуқароси сифатида Ўзбекистонга визасиз киришга ҳақли.

Элтуз нашрининг хабар қилишича, бундан бир ой муқаддам Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги таркибида Ҳамид Исмоиловнинг ҳам исми бўлган делегация рўйхатини олган ва ўшанда вазирлик журналистнинг келишига эътироз билдирмаган.

Ҳамид Исмолиловнинг Ўзбекистонга киритилмагани сабаблари номаълум қолмоқда. 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистон ҳукумати Би-Би-Си Ўзбек хизматининг Тошкентдаги офисини ёпиб қўйган, лекин Исмоиловнинг сўзларига кўра, у Ўзбекистонга ҳеч қандай тўсиқсиз бориб турган.

Ҳамид Исмоилов – ўзбек адиби, унинг китобларга бир қатор чет тилларга таржима қилинган.

1992 йилдан буён Ҳамид Исмоилов Лондонда яшайди.