Ироқ ҳарбийлари Мосул марказини жангарилардан озод қилишга уринмоқда

Мосулнинг ғарбий қисмини тарк этаётган тинч аҳоли

АҚШ кўмагида "Ислом давлати" жангариларидан Мосул ғарбини озод қилишга уринаётган Ироқ ҳарбийлари 5 март тонгидан шаҳар марказига юриш бошлади.

Ироқ армияси қўшма штаби бош генерали Яҳё Расул расмий телевидение орқали берган баёнотида ҳарбийлар шаҳар жанубидан жануби-ғарбий қисми томон илгарилаётганини айтди.

АҚШ қувватлаётган Ироқ армияси 19 февраль куни Мосулнинг ғарбий қисмини "Ислом давлати" жангариларидан озод қилиш амалиётини бошлади. Сўнгги икки сутка давомида об-ҳаво ёмонлашгани боис, армия амалиётларини тўхтатиб турган эди.

Мосул ғарбининг каттагина қисми ҳануз жангарилар назорати остида қолмоқда.

"Ислом давлати" жангарилари шаҳарни 2014 йилда эгаллаб олган.