Қозоғистон Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида қонун қабул қилинди

Нурсултон Назарбоев

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев бугун парламент қабул қилган Конституцияга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини Конституциявий Кенгашга жўнатди.

“Нурсултон Назарбоев Конституциянинг 72- моддасига биноан мазкур қонуннинг Конституцияда белгилаб қўйилган қадриятларга, давлат фаолиятининг асосий принциплари ва шаклига мослиги масаласини кўриб чиқиш учун Конституциявий Кенгашга жўнатди”, дейилади Президент маъмуриятининг расмий сайтида.

Қозоғистон парламенти муҳокамасига 3 март куни тақдим этилган Конституцияга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини парламент бугун 3- ўқишда қабул қилди.

Лойиҳа муаллифлари Асосий қонуннинг 19 та моддасига 26 та ўзгартиш киритишни таклиф қилган.

Айтилишича, бу ўзгартишлардан мақсад Президентнинг қатор ваколатларини Ҳукумат ва Парламентга ўтказиб беришдир.