Япония Ўзбекистонга тиббиёт ва ўқув жиҳозлари сотиб олиш учун 551 минг доллар грант берди

Япония Ўзбекистонга саккизта ижтимоий лойиҳа ижроси учун 551 минг доллар грант берди. Бу борадаги шартнома 7 март куни Тошкентда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ўртасида имзоланди.

Япон элчихонасининг билдиришича, грант доирасида Тошкент вилоят онкологик диспансери, Тошкентдаги 3-сонли болалар клиник шифохонаси ва Наманган вилоят онкологик маркази тиббий жиҳозлар билан таъминланади.

Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидаги 40-сонли ва Қорақалпоғистоннинг Қораўзак туманидаги 8-сонли мактаблар, Қораўзак туманидаги 2-мактабгача таълим муассасаси, Жиззах ва Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидагидаги кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослашган мактаб-интернатлар ўқув жиҳозларига эга бўлади.

Япониянинг “Кичик миқёсли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам” дастури 20 йилдан бери амалга ошириб келинади. Ушбу дастур дорасида жами 363 лойиҳа амалга оширилган. Бу лойиҳаларга қарийб 27 миллион АҚШ доллари ажратилган.