БМТ: Дунё 1945 йилдан буён энг йирик гуманитар бўҳронни ўз бошидан кечирмоқда.

БМТ Жанубий Суданнинг бир неча ҳудудида оммавий очлик бошланганини ўтган ойда эълон қилган эди.

Бу ҳақда БМТнинг Гуманитар масалалар бўйича бўлим мудири Стивен О'Брайен баёнот берди.

Унинг айтишича, дунё бўйлаб 20 миллион нафар атрофидаги киши очликка дучор бўлган. Озиқ-овқат тақчиллигидан, айниқса, Яман, Жанубий Судан, Сомали ва Нигерия аҳолиси азият чекмоқда.

Стивен О'Брайенга кўра, яқин 5 ой ичида бу мамлакатларга қарийб 4 ярим миллиард долларлик гуманитар ёрдам етказиш лозим.

БМТнинг Гуманитар масалалар бўйича бўлим мудирининг айтишича, инсонпарварлик ёрдамларини етказишга қуролли тўқнашувлар, урушаётган томонларнинг гуманитар ташкилотларга ёрдам беришни истамаётгани тўсқинлик қилмоқда.

Январда О'Брайен Яманда кенг миқёсли очлик юз бериш хавфи мавжудлиги тўғрисида баёнот берган эди. Орадан бир ой ўтиб БМТ Жанубий Суданнинг бир неча ҳудудида оммавий очлик бошланганини эълон қилган. Шу кунда бу мамлакатнинг бир неча юз минг аҳолиси очликдан ўлар ҳолатга келган.