Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Наврўз билан табриклади

20 март куни Тошкент шаҳридаги Абдулла Қодирий номидаги истироҳат боғида Наврўз сайли бўлиб ўтди. Мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев кенг жамоатчилик вакиллари, хорижий давлатлар элчихоналари вакиллари иштирокида мазкур сайлда қатнашди. Давлат телеканаллари орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилган жараёнда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига Наврўз табригини йўллади.

"Азиз ватандошлар! Она диёримизга, барчамиз орзиқиб кутган, гўзал ва дилбар фасл – Наврўзи олам кириб келмоқда. Ана шу улуғ айём – шарқона янги йил билан, каттаю кичик барча юртдошларимизни, чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Мана шу қутлуғ кунда сиз азизларга, сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман", дейилади Президент табрикномасида.

Мирзиёев бу йил Каримов даврида анъанага айланган ва фақат хосларга мўлжалланган Тошкентдаги Наврўз тантанасини бекор қилиб, халқ сайллари бўлишини таъкидлаган эди.

Бу ҳақда январда ўтган Вазирлар Маҳкамаси мажлисида маълум қилинган:

«Биз бу йил Наврўзни халқ сайли қиламиз. Ана шуни ҳамма билсин. Биз ҳозирдан тайёргарлик қилайлик. Бу йил одамлар билан мулоқот йили деб эълон қилдик. Наврўз - сайл бу. Шунинг учун мана ҳамма район ҳокимлари эшитсин - далаларда, боғларда сайл бўлади. Тошкенда ҳам мана шу 11та районимизда боғлар қуряпмиз. Биз топшириқ бердик, сайлда қатнашамиз ҳаммамиз. Одамлар эмин-эркин хоҳлаган боғига борсин, мазза қилсин», - деган эди президент.