Федерал қидирув бюроси директори Россиянинг АҚШ сайловига аралашуви текширилаётганини тасдиқлади

АҚШ Федерал қидирув бюроси директори Жеймс Коми.

АҚШ Федерал қидирув бюроси директори Жеймс Коми мамлакат махсус хизматлари Россиянинг 2016 йилда бўлиб ўтган АҚШ президенти сайловига аралашганига оид маълумотлар юзасидан текширув ўтказаётганини тасдиқлади.

Бу ҳақда Коми Вашингтонда, АҚШ Конгрессининг разведка бўйича қўмитасида ўтаётган эшитувларда баёнот берди. Федерал қидирув бюроси директорига кўра, текширув, шунингдек, Дональд Трампнинг сайловолди кампанияси билан Москва ўртасидаги эҳтимолий боғлиқлик юзасидан ҳам олиб борилмоқда.

Эшитувлар бошланишида сўзга чиққан республикачи Девин Нунеснинг айтишича, текширув давомида махфий маълумотларни Россияга ким берганини аниқлаш лозим. Нунес муҳокама қилинаётган мавзуга доир информацияси борларнинг ҳаммасидан уларни разведка қўмитасига тақдим этишни сўради.