Ravon Nexia R3 Қозоғистонда йиғиладиган бўлди

"GM Uzbekistan" ширкати автотранспорт воситалари бўйича Қозоғистондаги миллий ишлаб чиқарувчи бўлган AllurGroup билан биргаликда Кўстанайдаги "СариаркаАвтоПром" ишлаб чиқариш майдончасида Ravon Nexia R3 автомобиллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича қўшма лойиҳани тугатиш арафасида.

Лойиҳада¸ биринчи йилда Қозоғистон автозаводида 3000 дона шу русумдаги машина иэлаб чиқариб¸ бора-бора бу рақамни 7000 га етказиш кўзда тутилади¸ дейилади бу ҳақда AllurGroup компанияси эълон қилган баëнотда.

Ravon Nexia R3 машиналари савдоси¸ AllurAuto ва "УзАвто Азия" дилерлик тармоқлари орқали амалга оширилади.

Қозоғистонда ўзбек автомобилларини йиғиш корхонасини ташкил этиш масаласи Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Остонага ташрифи давомида ўтказилган музокаралар чоғида ҳам муҳокама қилинди.

Ўзбек автомобилларини йиғиш Қозоғистоннинг Кўстанай шаҳридаги “СариаркаАвтоПром” ширкати базасида амалга оширилиши масаласи Ўзбекистон-Қозоғистон давлатлараро иқтисодий ҳамкорлик комиссиясининг февраль ойида Тошкентда ўтган 16-йиғилишида илк маротаба кўтарилган эди.

Ҳозирда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳажми тахминан 1,5 млрд долларни ташкил этади. Яқин йилларда бу рақамни 5 миллиардга қадар ошириш назарда тутилмоқда.