Қорақалпоғистон ва Хоразмга алоҳида имтиёзлар берилди

Хоразм вилояти Урганч шаҳри маркази

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида рўйхатдан ўтган, фармацевтика товарлари ва препаратлари, электротехника маҳсулотлари (кабель-ўтказгич маҳсулотларидан ташқари), шунингдек, пардозлаш қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган юридик шахслар 2017 йилнинг 1 апрелидан 2022 йилнинг 1 январигача бўлган даврда мулк солиғи, ер солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилади. Бундай юридик шахслар жумласига ҳисобот йили натижалари бўйича сотувнинг умумий ҳажмида ушбу маҳсулотларни сотишдан тушадиган соф тушумнинг улуши 60 фоиздан кам бўлмаган миқдорни ташкил этувчилар киради.

Бу имтиёзлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 17 мартда имзолаган “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун қўшимча қулай шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорда белгилаб қўйилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг иқтисодиётини жадал ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш учун янада қулай шароитлар яратиш, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ва самарали амалга ошириш мақсадида қабул қилинган қарорда бошқа имтиёзлар ҳам назарда тутилган.