АҚШ Болтиқбўйи давлатлари хавфсизлигини кафолатлашда собит экани маълум қилинди

АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон (ўнгдан иккинчи) Литва ташқи ишлар вазири Линас Линкявичус, Латвия ташқи ишлар вазири Эдгарс Ринкевичс ва Эстония ташқи ишлар вазири Свен Миксер билан Вашингтонда учрашди.

Эстония, Латвия ва Литва Қўшма Штатлар Болтиқбўйи давлатлари хавфсизлигини кафолатлашда давом этишига ишонч ҳосил қилганини билдирди.

Бу ҳақда 28 март куни Вашингтонда АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон билан учрашувдан сўнг ўтган матбуот анжуманида Литва ташқи ишлар вазири Линас Линкявичус, Латвия ташқи ишлар вазири Эдгарс Ринкевичс ва Эстония ташқи ишлар вазири Свен Миксер маълум қилди.

-Биз АҚШнинг НАТОга содиқлигига ишонамизми? АҚШ Болтиқбўйи хавфсизлигини кафолатлашига ишонамизми? Бу саволларга “Ҳа”, деб жавоб бера оламиз. Бугунги учрашувдан сўнг АҚШ бу борада қатъий эканига ишонч ҳосил қилдик, -деди Латвия ташқи ишлар вазири Эдгарс Ринкевичс.

Болтиқбўйи ташқи ишлар вазирлари НАТО ва Россия, АҚШ ва Россия ўртасидаги мулоқот ривожланиши тарафдори эканликларини, бироқ бу мулоқот эвазига Россия халқаро ҳуқуқ меъёрларини ҳамда ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни бажариши шартлигини таъкидладилар.