Туркия Сурия шимолида "Фирот қалқони" амалиётини якунлади

Туркия бош вазири Бинали Йилдирим.

Туркия Сурия шимолидаги чегарадош ҳудудларда “Фирот қалқони” ҳарбий амалиёти якунланганини билдирди.

Бош вазир Бинали Йилдирим 29 март куни берган баёнотида амалиёт муваффақиятли якунланганини айтди. Бироқ у Суриядан турк қуролли кучлари қачон чиқарилиши тўғрисида маълумот бермади.

Йилдиримга кўра, зарурат пайдо бўлса, Суриядаги ҳарбий амалиётлар бошқа ном билан давом эттирилиши мумкин.

Туркия “Фирот қалқони” ҳарбий амалиётини ўтган йилнинг августида бошлаган эди. Бундан мақсад Туркия - Сурия чегарасида "Ислом давлати" гуруҳи жанггариларига қарши курашаётган Сурия озод армиясини қўллаб-қувватлаш бўлган. Сурия озод армияси курд қуролли гуруҳларига қарши ҳам жанг қилиб келади.