Мирзиёев ва Путин Москвада "Нукус хазинаси" кўргазмасини бориб кўрди

Нукус музейидаги "Ўзбек чилимкашлари" сурати.

Президентлар Мирзиёев ва Путин Москвада 5 апрель куни Пушкин номидаги давлат тасвирий санъат музейида “Нукус хазинаси” кўргазмасининг очилиши маросимида иштирок этди.

Кўргазмада Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи тўпламига кирган 250дан ортиқ экспонатлар намойиш этилмоқда. Кўргазма 10 майгача давом этади.

Мазкур музей 1966 йилда Марказий Осиёда рус авангард тасвирий санъатининг энг йирик тўпловчиси бўлган Игорь Савицкий томонидан ташкил қилинган эди.

1950 йилда Нукусга келган Cавицкий умрининг охиригача, яъни 1984 йилгача Қорақалпоғистонда археологик тадқиқотларни олиб борган ва рус авангарди, ҳайкаллар ҳамда халқ хунармандчилиги намуналарини йиға бошлаган.

Экспертларга кўра, Савицкий музейи Петербургдаги Рус музейидан кейин энг йирик рус авангарди тўпламига эга жаҳондаги иккинчи музейдир. 30 йил ичида Савицкий 44 мингдан ортиқроқ тасвирий санъат асарларини тўплашга муваффақ бўлган.