“Ўзбекистон ҳаво йўллари» Душанбега биринчи парвозни амалга оширди

“Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси 11 апрелдан “Тошкент-Душанбе-Тошкент» йўналиши бўйича парвозларни тиклади. Эндиликда қатнов бир ҳафтада икки бора амалга оширилади, деб хабар қилди кун.уз сайти.

Айтилишича, 11 апрель куни «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг HY717 биринчи рейси соат 7:20 да «Тошкент-Душанбе» йўналиши бўйича учиб кетган.

Аввалроқ Тошкент ва Душанбе ўртасидаги биринчи рейс 4 апрелга режалаштирилган, бироқ у бекор қилинган эди.

«Сомон Эйр» авиакомпанияси томонидан амалга ошириладиган Душанбе-Тошкент рейсининг аниқ муддати ҳозирча номаълум бўлиб турибди.

2016 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон ва Тожикистон 1992 йили тўхтатилган авиақатновларни 2017 йил бошида қайтадан йўлга қўйишга келишиб олган эди. Авиарейсларни Тожикистон томонидан Somon Air, Ўзбекистон томонидан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниялари амалга ошириши белгиланганди.

Somon Air авиакомпаниясининг Тошкентга биринчи рейси 20 февралга режалаштирилган эди, аммо авиакомпания зарур ҳужжатларни ўз вақтида тақдим этмагани сабабли парвоз бекор қилинди.

Март ойида «Тошкент—Душанбе» рейси бўйича парвозлар 4 апрелдан бошланиши ва ҳафтада икки марта амалга оширилиши маълум қилинганди. Ушбу рейс парвозлари МАК парвоз жадвалига киритилган бўлиб, уларни сешанба ва шанба кунлари амалга ошириш белгиланган. Чипталар март ойи бошидан буён сотилмоқда.

3 апрель куни ушбу авиарейс йўловчилар камлиги сабаб бекор қилингани маълум бўлди.

Мамлакатлар ўртасидаги авиақатнов 1992 йилда, Тожикистонда фуқаролик уруши бошланганидан сўнг тўхтатиб қўйилганди.