Мирзиёев селектор йиғилишида 6 раҳбарни ишдан олди

Президент Шавкат Мирзиёев.

Президент Шавкат Мирзиёев11 апрель куни ўтган видеоселектор йиғилишида бир қатор раҳбарларни лавозимларидан бўшатди.

"Кун.uz" нашрининг билдиришича, селектор йиғилишида ҳаётий муҳим масалалар бўйича фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш борасидаги ишларнинг аҳволи муҳокама қилинган.

Бу масалада президент Фарғона вилоятидаги Қўқон шаҳри раҳбарияти фаолиятини кескин танқид қилган.

Танқид ортидан Мирзиёев Қўқон шаҳар ҳокими Акрамжон Абдуллаевни, шаҳар прокурорини, солиқ назорати раҳбарини ва ички ишлар бошқармаси бошлиғини ишдан олди.

Бундан ташқари Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Ҳидоятов, Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг назорат бўлими бошқарувчиси Ғайбуллаев ҳам лавозимидан озод қилинган.

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б.Х. Абдусаматовга, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси Б.И. Зокировга, унинг биринчи ўринбосари А.Р. Тўхтаевга, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Р. С. Қосимовга ҳайфсан берилди.

Президент Мирзиёев 30 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани раҳбариятини шу шаклда ишдан олган эди.