Мирзиёев Самарқандда бир қатор раҳбарларни ишдан олди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14-15 апрелда Самарқанд вилоятига амалга оширган ташрифи вақтида бир қанча раҳбарларни лавозимларидан озод қилди.

Бу ҳақда хабар қилган кун.уз сайтига кўра, Булунғур ва Нуробод туманлари ҳокимлари, туман прокурорлари, туман давлат солиқ инспекцияси раҳбарлари ҳамда туман Ички ишлар бошқармаси бошлиқлари лавозимини ишдан олинган.

Булунғур тумани ҳокими Хўжаёров Хайриддин Гадоевич ишдан олиниб, унинг ўрнига Фурқат Раҳимов тайинланган.

Нуробод тумани ҳокимлигидан бўшатилган Эргашев Бахтиёр Қўшбоевич ўрнига эса ҳали янги раҳбар тайинланмаган.

Шунингдек, Қўшработ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Холбоев Анвар ишдан олинган.

Кун.уз сайти Ўзбекистонда эндиликда муайян ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун фақатгина ҳокимнинг ўзи жавоб бермаётгани, қайси туман ёки шаҳарда ҳоким ишдан олинадиган бўлса, «тўртлик»нинг барча вакиллари — ҳоким, прокурор, милиция бошлиғи, ДСИ бошлиғи ишдан кетаётганига эътибор қаратган.