Лавров Москва Толибонга қурол сотгани тўғрисидаги АҚШ айбловини инкор қилди

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШнинг Афғонистон толибларига қурол Москва томонидан етказиб берилаётгани тўғрисидаги баёнотини инкор қилди.

25 апрель куни Москвада ЕХҲТ бош котиби Ламберто Заньер билан ўтган учрашувдан сўнг берилган матбуот анжуманида Лавров:

-Бу ҳам улар ўйлаб топган стратегиянинг бир қисми бўлиши эҳтимол. Бу стратегияга асосан Вашингтоннинг Афғонистонаги муваффақиятсизликларида Россия айбдор қилинади. Бу ҳамкорлар ўртасида қабул қилиб бўлмайдиган ҳаракатдир, -деб билдирди.

24 апрель куни Кобулга кутилмаган сафар билан борган АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис Афғонистон расмийлари билан учрашувлардан сўнг Кобулда берган матбуот анжуманида Россияни Толибларга қурол етказиб бераётганликда айблаган эди.

Мэттис разведка маълумотларига иқтибосан Афғонистоннинг Ҳилманд,Қандаҳор ва Урузғон вилоятлариида толиблар Россия қуролларини ишлатаётганини билдирди.