Украинада собиқ президентнинг қарийб $1,5 миллиардлик маблағи мусодара қилинди

Виктор Янукович

Украинада ҳокимиятдан четлатилган президент Виктор Янукович ва унинг атрофидаги кишиларга қарашли банк ҳисобларидан тақрибан 1,5 миллиард долларлик маблағ мусодара қилинди.

Бу ҳақда жума куни хабар қилган президент Порошенкога кўра, мусодара қилинган пуллар мамлакат бюджетига туширилади ва ҳарбий ҳамда ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоялаш мақсадларига сарфланади.

Порошенконинг айтишича, Янукович “ўғирлаган” пулларни қайтариш адолатнинг қарор топганлиги ифодасидир.

Украина президентига кўра, Януковичнинг пулларини мусодара қилиш тўғрисидаги қарорни суд қабул қилган.

Януковичнинг адвокати Виктор Сердюк мусодара тўғрисидаги хабарни рад этди. Унинг айтишича, на ҳорижда, на Украинада Януковичнинг пули бўлган.

Виктор Янукович 2014 йилнинг февралида Киевда бўлиб ўтган сурункали норозилик акциялари ортидан Украина президенти лавозимидан четлатилган эди.