Президент Мирзиёев тиббий таълим тизимини ислоҳ қилишга қарор қилди

Ўзбекистон президенти Мирзиёев "Ўзбекистон Республикасида тиббий таълим тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, мазкур ҳужжат тиббий таълим сифатини янада ошириш, олий ва ўрта-махсус, касб-ҳунар босқичиқдаги тиббий таълим тизимини замонавий стандартларга кўтариш, тиббий хизмат даражасини ошириш мақсадида қабул қилинган.

Sputnik нашрининг ёзишича, ҳужжатда олий тоифали кадрларни магистратурада тор мутахассисликлар бўйича 2-3 йиллик таълим давомида, клиник ординатура мутахассислиги бўйича эса 2 йиллик таълим давомида малака ошириш ва қайта тайёрлаш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий блоклар бўйича ўқув соатларини жами ўқув вақтининг 7 фоизигача қисқартириш ҳисобига, клиникагача бўлган ва клиник блоклар бўйича ўқув соатларини жами ўқув вақтининг 85 фоизигача етказиш режаланган.

Ушбу хабарга илова қилинишича, Шавкат Мирзиёевнинг Виртуал қабулхонасига 2017-йил 1-майга қадар тиббиёт соҳасига тааллуқли 25 мингга яқин мурожаат тушган. Улар ўрганилганда, баъзилар саломатлигини яхшилаш учун тиббий кўмак сўрагани, айримлар тиббиёт ходимларининг муомала маданиятидан ранжиб шикоят йўллагани аниқланган.