Тошкентда Иккинчи жаҳон уруши давридаги автомобиллар намойиш қилинмоқда

Тошкентнинг "Анҳор Локомотив" паркида Иккинчи жаҳон уруши давридаги эски ҳарбий автомобиллар кўргазмага қўйилди.

Sputnik нашрининг хабар қилишича, тадбир 9-май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уюштирилган ва пойтахтликларнинг қизиқишига сабаб бўлган.

Тадбир ташкилотчилари эса ҳарбий кийимда ва, нашрнинг ёзишича, бу йил биринчи бор парк кираверишида ҳарбий кийим кийган қизлар томошага келганларни кутиб олмоқда.

Шунингдек, Retro Uz автомобил ишқибозлари гуруҳи жонли равишда уруш давридаги қўшиқларни ижро қилаётгани хабар қилинди. Айни пайтда, ижтимоий тармоқларда ушбу тадбирда иштирок этаётган ва ҳарбий кийим кийган пойтахтликлар тушган суратлар тарқалмоқда.

Ўтган йили 9-май куни Тошкентдаги "Биродарлар қабристони" мемориал мажмуасида Иккинчи Жаҳон уруши қурбонлари хотирасига бағишланган "Барҳаёт полк" акцияси бўлиб ўтган ва шаҳар ҳокимияти бундай марш режалаштирилмаганини айтган эди.

Ўзбекистондаги Интернет нашрлари бераётган хабарга кўра, шаҳар ҳокимиятига ушбу тадбирни ўтказиш бўйича бу йил ҳам фаоллар илтимоснома киритган, аммо ҳокимият бунга рухсат бермаган.

Шунга қарамасдан, ижтимоий тармоқларда 9-май куни Тошкентдаги "Биродарлар қабристони" мемориал мажмуасида Иккинчи жаҳон уруши қурбонларини хотирлашни истовчилари йиғилиши ҳақидаги эълонлар берилмоқда.