Макрон 66 овоз билан ғалаба қозонди

Эммануэл Макрон рафиқаси билан Париждаги Лувр биноси олдида, 2017 йилнинг 7 майи.

Франциядаги президент сайловининг иккинчи босқичида ғалаба қозонган Эммануэл Макрон ўз мамлакатининг Европа билан алоқалари мустаҳкамланиши йўлида хизмат қилишга ваъда берди.

7 май куни ўтказилган сайловлар иккинчи даврасида Макрон миллатчи Марин Ле Пендан осонлик билан устун келиб, Франциянинг энг ёш президентига айланадиган бўлди.

Бюллетенларнинг қарийб барчаси санаб бўлинган пайтда, расмий хабарларга кўра, Макрон берилган 47 миллион овоздан 66,06 фоизини олган. Аввал ўтказилган экзит-поллар натижалари ҳам собиқ иқтисодиёт вазири Макроннинг 65 фоизга яқин овоз олишини кўрсатганди.

Париждаги Лувр биноси олдида ўз тарафдорлари олдида чиқиш қиларкан, Макрон Франция ва Европа манфаатларини ҳимоя қилишга сўз берди.

“Мен Францияни емираётган бўлинишга қарши курашаман”, дер экан Макрон рақиби Ле Пен олган 11 миллион овоз миллатчи номзод учун рекорд натижа бўлганини қайд этди.