Киевда Евровидение-2017 расман очилди

Якшанба оқшомида Украина пойтахтида Евровидение мусиқий танловининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Конституция майдонига тўшалган қизил гиламдан 42 та аъзо давлат делегациялари ўтдилар.

Бу йилги танловда Россия иштирок этмаяпти. Украина расмийлари россиялик қўшиқчи Юлия Самойлованинг мамлакатга киришини тақиқлаб қўйганлар. Бунга қўшиқчининг 2015 йили Россия томонидан аннексия қилинган Қримда чиқиш қилгани ва шу тариқа Украина қонунларини бузгани асос қилиб келтирилган.

Киев Украина расмийлари рухсатисиз Қримга борган россиялик журналистларни ҳам Евровидение танловига қўймоқчи эмас.

Расмий Киев танлов чоғида юз бериши мумкин бўлган провокациялардан хавфсирамоқда. Танлов кунлари жамоат тартибини 10 мингдан зиёд ҳуқуқ-тартибот идоралари ходими қўриқлаши айтилган.