АҚШ президенти Оқ уйда Россия бош дипломатини қабул қилади

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

АҚШ президенти Доналд Трамп Сурия масаласи ва бошқа халқаро муаммоларни муҳокама қилиш учун 10 май куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашади. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар тарқатди.

Бу Трампнинг шу йил январ ойида президентлик лавозимига киришганидан кейин россиялик расмий шахс билан илк учрашуви бўлади. Аввалроқ Россия АҚШдаги сўнгги президент сайловига аралашгани ҳақида иддаолар ўртага ташланганди.

Трампнинг Лавров билан учрашуви Россия бош дипломатининг АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон билан музокараларидан кейин бўлиб ўтиши кутилмоқда. Расмийларга кўра, музокаралар марказида Сурия масаласи, АҚШ-Россия муносабатлари ва бошқа глобал муаммолар бўлади.

Сайловолди кампанияси чоғида Трамп Россия билан алоқаларни яхшилаш зарурлиги ҳақида гапирган, бироқ президент курсисига ўтирганидан кейин республикачиларга хос бўлган анъанавий услубга риоя қила бошлади.

Ўзаро ихтилофлар бўлишига қарамай, Сурия мавзуси “Ислом давлати” ва бошқа экстремистик гуруҳларга қарши курашда Кремль ва Оқ уй биргаликда ишлаш имкониятини кўраётган мавзулардан бири бўлиб қолмоқда.

Бу Сергей Лавровнинг 2013 йилдан буён Вашингтонга илк ташрифидир. У АҚШга Суриядаги вазиятни изга солиш бўйича ўтган ҳафта Остонада имзоланган режани олиб келган.