Тошкент ва Пекин 20 мрлд долларлик шартномалар имзоламоқчи

Ўзбекистон ва Хитой умумий ҳажми 20 миллиард долларга тенг бўлган шартномалар имзолашни режаламоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати Асад Хўжаев 10 май куни Тошкентда маҳаллий журналистларга маълум қилган.

Хўжаевга кўра, 100 га яқин икки томонлама ҳужжат Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 11-13 май кунлари Хитойга бўладиган давлат ташрифи доирасида имзоланади.

Ташриф доирасида Мирзиёевнинг Хитойдаги етакчи ширкатлар вакиллари билан учрашиши кўзда тутилган.

Хитой савдо-сотиқ бўйича Ўзбекистоннинг етакчи ҳамкори бўлиб ҳисобланади. 2016 йили икки мамлакат ўртасидаги мол айланмаси 4,2 миллиард долларни ташкил этган.