ФТБ директори вазифасини бажарувчи МакКейб Комининг истеъфоси бўйича Оқ уй фикрига қўшилмайди

ФТБ директори вазифасини бажарувчи Эндрю МакКейб.

АҚШ Федерал тергов бюроси директори вазифасини бажарувчи Эндрю МакКейб ўз салафи Жеймс Комининг ишдан бўшатилиши бўйича Оқ уй нуқтаи назаридан фарқли фикрни билдирди.

11 май куни Сенатнинг резведка ишлари бўйича қўмитасида қилган чиқишида МакКейб президент Доналд Трампнинг Жеймс Коми Вашингтон ишончини йўқотганига оид ифодасини “унча тўғри эмас”, деди. МакКейбга кўра, Коми ФТБ ичида кенг кўламда қўлловга эга бўлган ва ҳозир ҳам эга.

МакКейб айрим оммавий ахборот воситаларининг Жеймс Коми Россиянинг АҚШдаги президент сайлови кампаниясига аралашганига оид текширув учун қўшимча маблағ ажратишни сўрагани ҳақидаги хабарларини ҳам рад этди.

Аввалроқ демократ депутатлар ва айрим республикачилар Комининг истеъфо сабаби Ҳиллари Клинтон Давлат котиби бўлган пайтдаги электрон мактубларини текширишда йўл қўйилган камчиликлар бўлганига шубҳа билдиргандилар. Оқ уй матбуот котиби Шон Спайсернинг 9 майдаги баёнотида айнан шу ҳақда сўз кетганди.

МакКейб ФТБ директори лавозимига тайинланмаслиги кутилмоқда.