Оқ уй: Трамп Лавров билан давлат сирлари ҳақида гаплашган эмас

АҚШ президенти Доналд Трамп (ўртада) Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров (чапда) ва Россиянинг АҚШдаги элчиси Сергей Кисляк (ўнгда) билан Оқ уйда, 2017 йил 10 майи.

Оқ уй вакиллари АҚШ президенти Доналд Трамп Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Россиянинг АҚШдаги элчиси Сергей Кисляк билан ўтган ҳафтадаги учрашувда махфий маълумотларни ошкор қилганига оид хабарларни рад этдилар.

Аввалроқ The Washington Post, кейин эса The New York Times нашрлари ўз манбалари сўзларига таянган ҳолда, президент Трамп учоқ салонларига ноутбук билан киришга оид айрим мамлакатлар жорий қилган тақиқ ҳақидаги маълумотларни россиялик расмийлар билан ўртоқлашгани ҳақида ёзиб чиққанди. Бу нашрлар иддаосига кўра, АҚШ мазкур маълумотни иттифоқчи мамлакатлардан биридан олган. Истихборатчилари “Ислом давлати” гуруҳи орасига кириб олган иттифоқчи мамлакат бу маълумотни АҚШга бошқа ҳеч кимга ошкор қилмаслик шарти билан берган. The Washington Post ва The New York Times аноним суҳбатдошлари хавотирича, бу маълумотлар Россияга маълумот қай йўсинда олинганини аниқлаб, иттифоқчининг разведка амалиётини чиппакка чиқариш имконини бериши мумкин.

Бу хабарлар пайдо бўлиши ортидан АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси генерал Макмастер учрашувда Трамп “ахборот йиғиш йўллари ва манбалари ҳақида” масалани муҳокама қилмаганини, очиқ манбаларда маълумот бўлмаган амалиётлар ҳақида гап бўлмаганини айтиб, газеталар иддаосини рад этди.

Россиялик расмийлар билан учрашувда иштирок этган АҚШ президенти миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчисини ёрдамчиси Дайна Пауэлл бу хабарлар ҳақиқатга мувофиқ эмаслигини билдирди.

Шунга қарамай, ҳар икки партиядан бўлган бир неча эътиборли депутат бу ҳолат юзасидан ўз хавотирларини изҳор этди ва Оқ уйни мазкур нохуш ҳодиса ҳақида тўлиқ маълумот тақдим этишга чақиришди.