АҚШ президенти Фаластин раҳбари билан учрашади

АҚШ президенти Доналд Трамп Ғарбий девор (Йиғи девори) олдида, 2017 йил 22 майи.

АҚШ президенти Доналд Трамп Исроилга сафарининг иккинчи куни Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос билан учрашиш учун Байтлаҳмга боради. Кеча Трамп Исроил бош вазири Нетаняҳу билан учрашганди.

Трамп январ ойида президент лавозимига киришганидан буён исроилликлар ва фаластинликлар ўртасида тинчлик битими тузилиши бўйича олға силжишга эришишга ҳаракат қилиб келмоқда.

Расмийлар Трампнинг Қуддусдан Байтлаҳмга 20 дақиқалик сафари кучайтирилган хавфсизлик чоралари остида ўтказилишини билдирганлар. Трамп Ғарбий қирғоқдаги тўсиқдан ўтиши керак бўлади. Исроилни Фаластин ҳудудларидан ажратиб турувчи бу тўсиқнинг умумий узунлиги тақрибан 700 километрга тенгдир.

Маҳмуд Аббоснинг ёрдамчиси Хоссам Зомлот Франс-пресс агентлигига: “Агар президент Трамп воситачи бўлиб, бизни тарихий битимга, асосий шартнома элтса, биз унинг ҳамкори бўлишга тайёрмиз”, деган.